ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ
ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
Қуйидагиларни назорат қилиш Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
кўп хонадонли уй-жой фондини, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш, кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик;
умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уйларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш-тиклаш ишларини тизимли ўтказиш қоидаларига риоя этиш;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
кўп хонадонли уйларда кўчма мулк эгаларининг мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш учун ажратиладиган маблағларидан мақсадли фойдаланиш.
Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
кўп хонадонли уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этган ҳолда, қонунчиликда белгиланган шакл ва усуллардаги назорат функцияларини амалга оширади;
сифат стандартларига мос келмайдиган уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишда фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлайди;
кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш, жумладан муҳандислик тармоқлари, кўп хонадонли уйлар ускуналаридан сифатли фойдаланишни тизимли текшириш юзасидан назорат қилади;
турар-жой бинолари мулкдорлари ва бошқарув компаниялари, таъмирлаш ташкилотлари ва коммунал хизматларни амалга оширувчи корхоналар ўртасидаги шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилади;
ҳисоботлар, статистика маълумотлари, объектлардаги назорат текширув натижаларини ва бошқа ахборот материалларини таҳлил қилади;
ҳудудий инспекциялар ишини яхшилаш, уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйларда мулкдорлар умумий мулкини бошқариш, уларни сақлаш ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш, таъминлаш ва таъмирлаш ишларини бажаришда аҳоли иштирокини рағбатлантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Инспекция фаолиятини ташкил этиш қоидалари ва услубий ҳужжатларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тасдиқлаш учун киритади;
Инспекция кадрларини танлаш, касбга қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини амалга оширади;
уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйларда бинолар мулкдорлари умумий мулкидан фойдаланиш, таъмирлаш ва сақлаш масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилади, кўп хонадонли уйлар бинолари мулкдорлари ва коммунал-фойдаланиш ташкилотларининг кўп хонадонли уйлардан фойдаланиш, коммунал хизматлар ва энергия манбалари сифати бўйича мурожаатларини кўриб чиқади;
кўп хонадонли уйлардаги бинолар (квартиралар) мулкдорларининг мурожаатлари юзасидан қабул қилинган чоралар натижалари бўйича ҳисоботлар мавжудлигини текширади;
ҳудудий инспекцияларнинг кўп хонадонли уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулкидан фойдаланиш, уларни сақлаб туриш ва таъмирлашни назорат қилиш ишларини мувофиқлаштиради ва ташкил қилади;
кўп хонадонли уйлардаги умумий мулкни техник жиҳатдан текширишни ташкил қилади;
кўп хонадонли уйлардаги умумий мулкни мукаммал ва жорий таъмирлашнинг алоҳида турларини ўтказиш рўйхати, даврлари ва навбатини белгилайди;
қурилиши тугалланган кўп хонадонли уйларни, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фонди муҳандислик ускуналарининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ва норматив ҳужжатлар талабларига мослаштириш бўйича реконструкция қилинган тизимларини фойдаланишга қабул қилувчи ишчи ва давлат комиссиялари фаолиятида иштирок этади;
кўп хонадонли уй-жой фондида муҳандислик ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этилишини назорат қилади.
Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қиладиган ҳудудий инспекциялар қуйидагиларни назорат қилади:
кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудлардан фойдаланиш;
кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унинг муҳандислик ускуналарининг техник ҳолатини, уларни амалдаги нормативлар, техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ сақлаш ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариш;
кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишга тайёрлаш тадбирларини ўтказиш;
кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудларда ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш;
аҳолини коммунал хизматлар (иситиш, электр, сув, газ таъминоти ва бошқалар) билан таъминлашнинг меъёрий даражаси ва тартибига риоя этиш;
турар-жой бинолари ва кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш;
турар-жойлар ва биноларни доимий яшаш учун яроқсиз деб эътироф этиш, уларни нотурар жой тоифасига ўтказиш тартиби ва қоидаларига риоя этиш;
давлат ёки муниципал уй-жой коммунал хўжалиги объектлари мулкдорлари, хизматлар, ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар ўртасида шартномалар мавжудлиги ва уларнинг шартларига риоя этиш;
кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш танловларини ўтказиш;
аҳоли буюртмаларига биноан уй-жой коммунал хизматларини бажариш;
кўп хонадонли уйларда энергия ва сув ресурслари сарфини бошқариш, назорат қилиш ва ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлиши.
Инспекция Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.