• sayt xaritasi
  • pochta
  • bugun : 07.08.2020 | 8:
Ўтган кун давомида (2018 йил 2-октябр) 17 та авария ҳолати бартараф қилинди: Қорақалпоғистон Республикаси бўйича – 1 (ССТ), Тошкент шах. – 2 (ИСТ), Қашқадарё вил. – 3 (ССТ-1, К-2), Наманган вил. – 4 (ССТ-3, К-1), Самарқанд вил. – 1 (ССТ), Сирдарё вил. – 1 (К), Тошкент вил. – 3 (ССТ), Фарғона вил. – 1 (ССТ), Хоразм вил. – 1 (ССТ).
 18.04.2020 | manba: Axborot xizmati |  |

18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни

Ассалому алайкум, Азиз дўстлар!

Муҳтарам касбдошларим!

Авваламбор, барчангизни республикамизда нишонланаётган 18 апрель - уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, юксак эҳтиром ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Барчамизга маълумки, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг кундалик эхтиёжларини қондириш, улар учун қулай яшаш шароитларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Ана шундай муҳим соҳада фаолият юритаётган Сиз азизларнинг кундалик фидокорона меҳнатингиз натижасида аҳолимизга тоза ичимлик сув ва иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда, шаҳар ва туманларимиздаги кўп квартирали уй-жойлар обод бўлмоқда, йиллар давомида аҳолимизни қийнаб келаётган муаммолар изчиллик билан ҳал қилинмоқда.

Бугунги синовли кунларда ҳам соҳада фидокорона фаолият юритаётган минглаб ҳамкасабларимиз давлатимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини кўшиб келмоқдалар.

Карантин шароитида санитария-гигиена қоидаларига амал қилишда ўта муҳим бўлган тоза ичимлик ва иссиқ сувни аҳолига етказиш учун ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган минглаб соҳа ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

Азиз дўстлар!

Кейинги уч йил давомида муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳамизни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ҳамиша Давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиши ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши боис уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси чуқур ислоҳ қилинмоқда.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 2017 йилнинг 18 апрель куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилганидан бошлаб, соҳани ривожлантириш бўйича 9 та Фармон
ва 15 та Қарорлар
қабул қилиниши, инвестицион дастурлар доирасида давлат бюджетидан маблағлар ажратиб борилиши,  қолаверса Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 18 апрель - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни этиб белгиланиши Давлатимиз раҳбарининг соҳамизга алоҳида эътиборларини яққол кўрсатиб турибди.

Бунинг натижасида соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган мутлақо янги марказлашган бошқарув тизими жорий этилди. Аҳолини тоза ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти сифатини сезиларли даражада оширишга, кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришга эришдик.

 

Шу ўринда 2019 йил вазирлигимиз тарихида салмоқли йил бўлди десак хеч муболаға бўлмайди.

Республика ҳудудларида ичимлик сув таъминоти ва оқава сув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди.

Ушбу мақсадларда 1,7 трлн. сўм миқдордаги бюджет маблағлари ҳисобидан 550 тадан ортиқ объектлар фойдаланишга топширилди. Халқаро молия институтлари ҳамкорлигидаги 10 та йирик лойиҳалар доирасида 99 млн. долларга яқин кредит маблағлари ўзлаштирилди.

Натижада 800 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти, 75 мингдан ортиқ аҳолининг оқава сув хизматлари яхшиланди.

Иссиқлик таъминоти соҳасини ривожлантириш натижасида қўшимча 300 тадан ортиқ кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи 50 мингга яқин аҳолининг иссиқлик таъминотини қайта тикланди. Илк бор Халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилди. Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва Тошкент шаҳрининг Сергели туманида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш учун
Жаҳон банки иштирокида 220,7 млн. доллар қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишни бошладик.

Шаҳар ва туманлардаги 5 400 тадан ортиқ кўп квартирали уйлар таъмирланди, уйларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилди, 1 500 тадан ортиқ болалар майдончалари, 188 та тандирхоналар, 115 та санитар узеллар қурилди ва таъмирланди.

 

 Ҳурматли касбдошларим!

Эътирофга лойиқ бўлган шу каби ютуқларга биз биргаликда эришдик!

Ҳар бир ходимимизнинг, у раҳбар бўлсин ёки оддий чилангар бўлсин бунга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.

Сизларнинг машақатли меҳнатингиз, касбий маҳоратингиз хар қандай таҳсинга сазовордир. Вазирлигимизнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоят бошқармалари, ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти, лойиҳачи, буюртмачи ташкилотларимиз ҳамда “Уйжойфондинспекцияси” ва “Сувинспекцияси” раҳбар ва ходимларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Шу билан бирга, эришилган дастлабки ижобий натижаларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка асло берилмасдан, ўтган йили амалга оширган ишларимизни танқидий таҳлил қилиб, соҳамиз фаолиятига нисбатан аҳолимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш зарур.

 

Азиз дўстлар!

Афсуски, короновирус пандемияси барчамизнинг турмуш тарзимизга ўзгаришлар киритди. Лекин ҳаёт тўхтагани йўқ.

Соҳани ривожлатириш, аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш борасидаги 2020 йилда олдимизда долзарб вазифалар турибди. Уларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бизнинг зиммамизда.

Бу борада, қуйидаги долзарб масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларидаги маърузаларида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига оид вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш бош вазифамиздир.

 

Иккинчидан, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» да амалга оширишга оид давлат дастурида вазирлигимизга белгиланган вазифаларни амалга оширилиши алоҳида эътиборимиз марказида бўлади.

 

Учинчидан, соҳани самарали фаолият юритишини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишларимизни давом эттирамиз. Жорий йилда “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги, “Сув таъминоти ва оқава хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва Уй-жой кодексининг янги таҳрири лойиҳаларини ишлаб чиқишимиз зарур. Шу билан бирга “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментни якунлаб 2020 йил 1 июнга қадар ушбу Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига таклифлар киритишимиз лозим.

Тўртинчидан, вазирлигимиз тизимида “Ахборот технологиялари йили” деб эълон қилинган 2020 йилда соҳага ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш бўйича бошлаган ишларимиз энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.

Шу боис вазирлик тизимидаги қурилиш жараёнларни онлайн мониторингини юритиш ва назоратини амалга ошириш учун “Смарт қурилиш”, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича “Обод ҳудуд” ҳамда кадрларни мониторингини юритиш ва ижро интизомини назорат қилиш бўйича “Вазифалар бажариш тизими-ВБТ (KPI)”
ва “Pro Suit”  дастурий таъминотларни амалиётга тадбиқ этиш ва самарали фаолиятини йўлга қўйиш талаб этилади.

Айни вақтда сув таъминоти ва оқава сув тизими объектлари бўйича ягона геоахборот тизими ҳамда республиканинг сув ресурсларини бошқариш тизимини автоматлаштиришни таъминлайдиган «Рақамли сув таъминоти корхонаси» тизими жорий этилади.

Бешинчидан, соҳа инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд тизимни модернизация ва реконструкция қилиш ишларини давом эттирамиз. 2020 йилга қабул қилинган инвестиция дастурлар доирасида ушбу мақсадларга ажратилган 1,4 трлн. сўм марказлашган маблағларни самарали ўзлаштириб, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширилиши кўзда тутилган 302 та объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Шу билан бирга, Халқаро молия институтлари ҳамкорлигидаги 13 та йирик лойиҳалар доирасида 144,6 млн. доллар кредит маблағларини самарали ўзлаштирилиши таъминланади.

Бунда қурилиш ишларини сифатини таъминлаш “лойиҳадан фойдаланишга топширишгача” бўлган узлуксиз занжирни самарали фаолиятини йўлга қуйишимиз муҳим аҳамиятга эга.

Жорий йил якуни билан ушбу ишларни амалга ошириш натижасида 700 мингдан ортиқ аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти, 65 мингдан ортиқ аҳолининг оқава тизими ва
50 мингдан ортиқ аҳолининг иссиқлик таъминоти яхшиланишига эришамиз.

Айни вақтда, Халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 1,81 млрд. доллар бўлган вазирлик ташаббуси билан таклиф этилаётган қўшимча 17 та янги лойиҳаларни тайёрлашга доир хужжатларни сифатли ишлаб чиқиб, босқичма-босқич амалга оширилишини бошлаймиз.

Олтинчидан, “Ўзсувтаъминот” акционерлик жамияти ва унинг таркибидаги ҳудудий сув таъминоти масъулияти чекланган жамиятларни фаолиятини самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўришимиз талаб этилади.

Бу борада, авваламбор етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасининг сув таъминоти ва сув чиқариш тизимини ривожлантириш стратегияси концепциясини амалиётга тадбиқ этиш жорий йилда асосий вазифаларимиздан бири бўлиши керак.

Шу билан бирга, тарифларни хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш ва модернизация харажатларини ҳисобга олган ҳолда белгилашга ўтишимиз, ичимлик сувини йўқотишларини камайтириш, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича иншоотларда сарф ўлчагичларни ҳамда истеъмолчилар хонадонларига ҳисоблагичларни ўрнатилиши, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг татбиқ этиш ушбу йўналишдаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларимиздир.

        Соҳани ривожлантиришга қаратилган шу каби муҳим вазифалар билан бир қаторда карантинга оид чоралар амал қилиш даврида аҳоли хонадонларига ва тиббиёт муассасаларга, айниқса махсус карантин объектларига узлуксиз тоза ичимлик сувини етказиб бериш, кўп квартирали уй-жойларни иссиқ сув билан таъминлаш, уйларни ва уйларга туташ ҳудудларни дезинфекциялаш тадбирларини мунтазам равишда амалга ошириш учун сув ва иссиқлик таъминоти ташкилотлари, барча диспетчерлик ва авария хизматлари кучайтирилган иш режимида фаолиятимизни давом эттирамиз.

Барчамизни ташвишга солган иллатга қарши курашиш юксак тафаккур, темир интизом сабр тоқат ва чуқур масъулият талаб этади. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.

Муҳтарам касбдошларим!

Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор Сизларни 18 апрель - уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни  билан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик, машаққатли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман!

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

Музаффар Салиев

Uy-joy kommunal xizmat tariflari
Xisoblagich Xisoblagichsiz
Elektr295-
Sovuq suv310norma
Issiq suv524220470
Chiqindi-3900
Gaz380 6083
Kanalizatsiya250norma
Valyuta kursi
Ob-havo